Тошкентда стартаплар тақдимоти ўтказилади
Тошкент. 9 март. ЎзТАГ – 26 мартта пойтахтдаги Le Grande Plaza Hotel меҳмонхонасида янги стартапларнинг инвесторлар олдида тақдимоти ўтказилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу ҳақида тадбир ташкилотчиси Business Hub ҳамжамияти сайтида маълум қилинган. Стартаплар асосчилари профессионал инвесторлар олдида 5 дақиқалик чиқиш қилиши кутилмоқда. Шундан сўнг стартапчилар эксперт ва инвесторлардан маслаҳатлар оладилар.
Ҳакамлар энг яхши деб топган стартап маҳаллий Qwerty компаниясидан бепул сайт билан таъминланади.
Эслатиб ўтамизки, Business Hub лойиҳаси 2015 йил сентябрда Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини ижтимоий-маданий ва бошқа соҳаларда қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган.
Business Hub миссияси бизнеснинг барча соҳаларини қамраб олувчи долзарб масалаларни ечишда беғараз ёрдам беришдан иборат. Лойиҳа доирасида турли тадбиркорлик йўналишларига мансуб тадбиркорлар билан учрашувлар, янги стартапларнинг тақдимотлари ўтказилиб келинмоқда.