Тошкентда тўрт киши талончилик учун қўлга олинди

Дата: 18:54, 27-11-2017.

Тошкент. 27 ноябр. ЎзТАГ – Тошкентда тўрт киши талончилик учун қўлга олинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизматига асосланган ҳолда.

“2017 йилнинг 22 ноябрь куни номаълум шахслар Мирзо Улуғбек тумани ҳудудида ўзганинг мол-мулкини босқинчилик йўли билан эгаллаш мақсадида олдиндан жиноий тил бириктириб, фуқаро Обидованинг хонадонига ғайриқонуний равишда кирганлар. Шундан сўнг, Обидова ва Каримовларга жисмоний зўрлик ишлатиб, уларга тегишли 150.000.000 сўм ва 15 минг АҚШ доллари миқдордаги пул маблағларини эгаллаб олиб, жиноят содир этилган жойдан яширинганлар”, - дейилади хабарда. 

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 164-моддаси 3-қисми “в” банди (босқинчилик, яъни ўзганинг мол-мулкини бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, уй жойга ғайриқонуний равишда кирган ҳолда талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилиб ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган эди.

“Жорий йилнинг 25 ноябрь куни Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган “Тозалаш-Антитеррор” тадбири жараёнида ушбу жиноят Толипов Сардор Ровшанович, Агзамов Нажот Миразизович, Джураев Сардор Фахриддинович ва Уткуров Бекзод Улуғбек ўғли томонидан содир этганлиги аниқланиб, далилий ашёлар билан ушланганлар”, - дейилади хабарда. 

Хабарга кўра, уларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси танлаш масаласи кўрилмоқда. Ҳозирда уларнинг бошқа жиноятларга алоқадорликлари текширилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: