Тошкентда тадқиқот ядро реакторларининг хавфсизлиги ва самаралилиги масалалари муҳокама қилинмоқда

Дата: 15:07, 09-07-2015.

Тошкент. 9 июл. ЎзТАГ – Тошкентда бўлиб ўтаётган “Мустақил давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари тадқиқот реакторлари ҳамкорлиги” халқаро анжуманида тадқиқот ядро реакторларининг хавфсизлиги ва самаралилиги масалалари муҳокама қилинмоқда. Тадбир Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) томонидан Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ядро физикаси институти томонидан биргаликда ташкил этилган, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Унда МАГАТЭ, Беларусь, Қозоғистон, Россия, Украина ва Ўзбекистон мутахассислари замонавий реакторларнинг мақомини муҳокама қилиб, уларни эксплуатация қилиш бўйича тавсияларни ишлаб чиқадилар.

Эксперт ва олимлар яқин келажакдаги фаолиятни мувофиқлаштириш, шу жумладан, қўшма тадқиқот лойиҳалари бўйича режалар тузадилар. Шунингдек, экспертлик билимлари, ходимларни тайёрлаш ва таълим бериш соҳасидаги ҳамкорлик масаласини ҳам кўриб чиқадилар.

Эслатиб ўтамизки, “Мустақил давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари тадқиқот реакторлари ҳамкорлиги” коалицияси МАГАТЭ ташаббуси билан реакторлардан илмий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалаларини ҳал қилиш учун фойдаланиш бўйича тажриба алмашиш, шу каби қурилмаларга эга бўлмаган мамлакатларга уларни қўллаш натижаларидан фойдаланишни осонлаштириш мақсадларида ташкил этилган.

Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ядро физикаси институти – ҳудуддаги энг йирик илмий муассаса бўлиб, Бирлашган ядро тадқиқотлари институти (Дубна), МАГАТЭ, АҚШ Энергетика департаменти, Германия, Италия ва Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларнинг етакчи марказлари билан биргаликда фундаментал ва амалий тадқиқотлар билан шуғулланади. Тадқиқотлар ВВР-СМ тадқиқот реактори асосида олиб борилади. У Марказий осиёда ягона бўлиб, 10 МВт қувватга эга.

Янгилик билан ўртоқлашиш: