Тошкентда таниқли француз хонандасининг концерти бўлади

Дата: 19:33, 18-06-2014.

Тошкент. 18 июн. ЎзТАГ – 21 июнда Тошкентда таниқли француз хонандаси, замонавий мусиқа ижрочиси Матье Боогарцнинг концерти бўлади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонасида хабар беришларича, Матье Боогарц 44 ёшда бўлиб, у таниқли қўшиқлар муаллифи, композитор, хонанда ва мусиқачи ҳисобланади. Унинг мусиқасида поп мусиқа ва регги услуби оҳангларини илғаб олиш мумкин.
Матье Боогарц ўз ижодида кўпчилик яхши таниш бўлган кишиларнинг кундалик ҳаёти, улар орасидаги муносабатлардаги мураккабликлар каби масалаларга енгиллик ва юмор билан мурожаат қилади.
Давлат консерваторияси саҳнасида хонанда гитара ва роял жўрлигида ўзининг ўнга яқин мусиқий албомларидан қўшиқлар ижро этади. Улар орасида хонанданинг сўнгги албоми – “Mathieu Boogaerts” ҳам бор.
Мутахассисларнинг тан олишларича, Матье Боогарц янги француз мусиқачилари авлодининг вакилидир. Унинг услубида турли мусиқа йўналишлари вакиллари - Этьен Дао, Алэн Сушондан тортиб Майкл Жексон ёки Боб Марлиларнинг таъсирини кузатиш мумкин.

Янгилик билан ўртоқлашиш: