Тошкентда таниқли француз органчиси концерт беради
Тошкент. 18 март. ЎзТАГ – Таниқли француз органчиси Оливье Латри Тошкентда икки концерт беради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Концертлар 1 ва 2 апрелда бўлиб ўтади. Уларнинг ҳар бири ўз дастурига эга бўлади. Дастурлар асосан француз композиторлари Шарль Турнемир, Цезарь Франк, Оливье Мессиан, Морис Дюрюфле, Луи Вьерн, Тьерри Эскеш асарларидан иборат бўлади. Шунингдек, ҳар бир концертда Оливье Латри импровизациялари ижро этилади”, - деб таъкидлашди Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонасида.
Оливье Латри 1985 йилдан бери Париж соборининг (Нотр-Дам-де-Пари) органчиси ва Париж Мусиқа ва рақс олий миллий консерваториясининг орган бўйича профессори ҳисобланади. Кўплаб совринлар эгаси бўлган мусиқачи дунёнинг беш қитъасидаги элликдан ортиқ мамлакатларда яккахон дастурлар ва оркестр билан концерт берган.