Тошкентда “Тараққиёт стратегияси” ахборот-таҳлил маркази очилди

Дата: 15:09, 02-03-2017.

Тошкент. 2 март. ЎзТАГ – Тошкентда “Тараққиёт стратегияси” ахборот-таҳлил маркази очилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

Унинг тақдимоти Электрон ОАВ миллий ассоциациясининг (ЭОАВМА) “Media Hall НАЭСМИ” махсус медиа майдончасида бўлиб ўтди. 

“Марказнинг очилишига журналистик, эксперт ва бизнес-ҳамжамият, давлат ва жамоатчилик ташкилотлари, дипломатик корпус вакиллари таклиф қилинди. Бугун (1 март – ЎзТАГ) улар янги жамоат ташкилотининг мақсад ва вазифалари билан таништирилди”, - деб таъкидлашди марказ таъсисчилари.

Бундан ташқари, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва ЭОАВМА ўртасида Ўзбекистон президенти томонидан таклиф қилинган Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш жараёнини ёритиш ва жамоат муҳокамаларини ташкил қилиш бўйича битим имзоланди. 

Ҳамкорлик “Зарафшон” концерт зали негизида ташкил этилган “Media Hall НАЭСМИ” майдончасида бўлиб ўтади. Бу ерда Ўзбекистон ривожлантириш бўйича дастурий хужжатни амалга оширишга доир экспертлар учрашувлари, брифинглар ва матбуот анжуманлари ўтказиш режалаштирилган. 

Нодавлат нотижорат ташкилот мақомига эга бўлган “Тараққиёт стратегияси” марказига Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Савдо саноат палатаси, Адвокатлар палатаси, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, ЭОАВМА, ННТ миллий ассоциациялари муассислик қилдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: