Тошкентда Театр кунига бағишланган кўргазма бўлиб ўтмоқда
Тошкент. 29 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг Халқаро театр кунига бағишланган “Ҳаёт саҳнаси – театр” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Миллий кутубхона матбуот хизмати маълумотига кўра, китоб-расмли кўргазмадан миллий ва жаҳон театр санъати, унинг фидоий намоёндалари ва бу соҳанинг ўзига хосликлари ҳақида ҳикоя қилувчи китоблар, расмлар, газета ва журналлар ўрин олган.
“Ўзбек театри анъаналари”, “Театр ва томошабин”, “Миллий театримиз намоёндалари”, “Замон, театр, экран”, “Театр-тарбия маскани”, “Истиқлол ва Миллий театр”, “Мастера узбекской оперной сцены”, “Большой театр Узбекистана”, “Саҳна ва замон”, “Баҳодир Йўлдошев театри” китобларида ўзбек театр санъатининг анъаналари, ўзига хослиги, ютуқлари, театр санъатининг ўрни ва аҳамияти ҳақида ҳикоя қилади.
Кўргазмада китоблардан ташқари Ўзбекистонда чоп этиладиган “Театр” журналининг баъзи сонлари намойиш этилмоқда.
1961 йилдан бери нишонланиб, ЮНЕСКО ҳузуридаги Халқаро театр институти IX конгрессида таъсис этилган мазкур байрамдан кўзланган мақсад – халқлар ҳамжиҳатлиги ва дўстлигини мустаҳкамлаш воситаси сифатида театрнинг ролини кўрсатишдан иборат.
Сурат манбаи: https://m.kun.uz/news/2016/11/26/millij-kutubhona-fondi-karijb-7-million-nushani-taskil-etmokda


