Тошкентда текстиль технопарки лойиҳаси тафсилотлари муҳокама қилинди
Тошкент. 16 декабр. ЎзТАГ – Бугун “Ўзбекенгилсаноат” акционерлик жамияти корейс делегацияси иштирокида Текстиль технопарки лойиҳасини амалга ошириш бўйича илмий-техникавий семинар ўтказади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
АЖ хабар беришларича, Тошкентда текстиль технопарки яратиш лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг Корея Республикасига Давлат ташрифи доирасидаги келишувларни амлга ошириш чоралари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда.
Текстиль технопаркини яратишдан кўзланган мақсад Тошкент текстиль ва енгил саноат институтида халқаро ўқув ва тадқиқот дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдан иборат.
Вазифалар орасида ўзбек мутахассисларини замонвий ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўқитишни ташкил қилиш ҳам бор. Бу ўқувлар юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш, технологик ноу-хауларни ўзлаштириш ва матосозлик, бўяш-ишлов ишлаб чиқаришлари, янги мато ва кийимлар дизайни соҳаларида ўтказилиши режалаштирилган.
Шунингдек, технопарт олдига истиқболли технологик йўналишларни ривожлантириш (АКТ, муқобил энергия манбалари соҳаларида) вазифаси ҳам қўйилган.