Тошкентда “Тоза ҳаво” операциясининг иккинчи босқичи бошланди
Тошкент. 10 сентябр. ЎзТАГ – Бугун Тошкентда “Тоза ҳаво” операциясининг иккинчи босқичи бошланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ушбу акция кўчиб юрувчи ифлослантирувчи манбалар устидан давлат назоратини амалга оширишга, автотранспорт воситаларининг атроф табиий муҳит ҳамда аҳоли саломатлигига зарарли таъсирини камайтиришга, кенг жамоатчилик эътиборини атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш масалаларига жалб этиш, шунингдек, мамлакатдаги фуқаролар ҳамда корхоналар томонидан табиатни муҳофаза қилиш қонунчилиги талабларига риоя қилиш самарадорлигини оширишга қаратилган” , – деб таъкидлашди Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизматида.
Автотранспорт воситалари “Ўзстандарт” агентлигида текширувдан ўтган газ таҳлил воситалари ёрдамида токсиклик ва тутун чиқариш жиҳатидан текширилади.
“Тоза ҳаво” тадбири Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан, Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика давлат санитария-эпидемиология назорати маркази билан ҳамкорликда амалга оширилади.


