Тошкентда Украина элчисининг матбуот анжумани бўлиб ўтди

Дата: 17:33, 20-08-2015.

Тошкент. 20 август. ЎзТАГ – Тошкентда Украина элчиси Юрий Савченконинг Украина Мустақиллиги кунининг 24 йиллигига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Элчининг таъкидлашича, Украина ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айланмаси жорий йилнинг январ-июнида $125,67 млнни ташкил қилган. Бу 2014 йилдаги кўрсаткичдан паст бўлиб, Украина экспортининг 40% пасайиши билан изоҳланади ($94,53 млн).

Украинанинг Ўзбекистонга асосий экспорт маҳсулотлари орасида кимё саноати маҳсулотлари (фармацевтика маҳсулотлари), машиносозлик маҳсулотлари (ядро реакторлари, ўчоқлар, машиналар ва ҳ к.), агросаноат комплекси маҳсулотлари (гўшт ва ундан қилинадиган маҳсулотлар, сут ва сут маҳсулотлари, парранда тухуми ва бошқа маҳсулотлари) бор.

Ўзбекистондан Украинага импорт эса 7 фоиздан 12 фоизгача пасайиб, унинг ҳажми $31,15 млнни ташкил қилди. Мамлакатдан Украинага кимё маҳсулотлари (ўғитлар), енгил саноат маҳсулотлари (пахта), металлургия саноати (рух ва ундан олинадиган маҳсулотлар), агросаноат комплекси маҳсулотлари импорт қилинмоқда. 2015 йилнинг январ-июнида Украинага савдо салдоси ижобий бўлиб, $63,38 млнни ташкил қилди.

2015 йилнинг 1 апрелига келиб Ўзбекистон иқтисодиетига киритилган украин инвестициялари ҳажми $362,9 мингни, ўзбек инвестициялари миқдори $870,8 мингни ташкил этди.

Элчи икки мамлакат ўртасидаги алоқалар барқарорлигини таъкидлаб ўтди. “Мамнуният билан президент Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг президент Порошенкога Мустақиллик байрами билан табриги етиб борганини таъкидлайман”, - деди Ю.Савченко ўз нутқида.

Украин томони маълумотларига кўра, Украинанинг 2014 йилги савдо ҳамкорлари орасида Ўзбекистон Республикаси 42 ўринни ва МДҲ мамлакатлари орасида эса 7 ўринни эгаллаган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: