Тошкентда Уолт Дисней юбилейига аталган кўргазма бўлиб ўтмоқда

Дата: 16:39, 09-12-2016.

Тошкент. 9 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Миллий кутубхонасида америкалик режиссёр-мультипликатор Уолт Дисней таваллудининг 115 йиллигига бағишланган китоб-расмли кўргазма бўлиб ўтмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Кутубхона маълумотига кўра, “Болаликнинг мўжизалари” мавзусидаги кўргазмасида Уолт Дисней мультипликацион фильмлари олинган асарлар тақдим этилган бўлиб, тадбир доирасида унинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилинади.

Мультипликатор, кинорежиссер, сценарист, продюсер, актёр ва тадбиркор Уолт Элиас Дисней 1901 йил 5 декабрда АҚШнинг Чикаго штатида туғилган. У умри давомида 111 фильмларга режиссёрлик ва 576 кинофильмларга продюсерлик қилди.

1920 йилда кинореклама студиясига ишга кирган Диснейда анимацион фильмлар суратга олиш истаги пайдо бўлади. 1922-1937 йилларда фақатгина мультипликацион фильмлар устида ишлаган, кейинчалик эса киносаноат билан ҳам шуғулланган. 1924 йилда унинг Л.Кэрролнинг “Алиса мўъжизалар мамлакатида” деб номланган асари бўйича суратга олинган биринчи мультипликацион фильми яратилади.

Шунда Дисней фильмлари услуби шаклланади. Ундан сўнг “Микки Маус”, “Қайиқча Вилли”, “Жирканч ўрдакча”, “Уч чўчқача”, “Оппоғой ва 7 гном”, “Фантазия”, “Пиноккио” асарлари Микки, Плуто, Гуфи, Дональд Дак каби образлари билан дунё юзини кўрди. Уолт Диснейнинг азалий орзуси болалар учун эртак қасри – Диснейленд қуриш эди. Унинг қурилиши 1953 йилда бошланиб, 1955 йил 17 июл куни якунланди ва болалар ихтиёрига топширилди.

Дисней фильмларида мусиқа муҳим роль ўйнайди. Унинг фильмларидаги овозлар нафақат диалоглар учун фон вазифасини ўтайди, балки бутун асарнинг асосий қисмини ташкил этади. Диснейниннг кино санъатидаги хизмати юксак баҳоланиб, у 26 марта “Оскар” ва турли мукофотларга сазовор бўлган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: