Тошкентда қурилаётган уйнинг қулаб кетиши оқибатида уч киши ҳалок бўлди, яна икки киши жабрланди

Дата: 10:01, 27-10-2016.

Тошкент. 27 октябр. ЎзТАГ – Тошкентда қурилаётган уйнинг қулаб кетиши оқибатида уч киши ҳалок бўлди, яна икки киши жабрланди, деб хабар беради ФВВ матбуот хизмати.

“2016 йил 26 октябр куни 11.30ларда Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Фаробий кўчасидаги қурилиш олиб борилаётган 393б-сонли бинонинг тўсатдан қулаши содир бўлган. Ушбу фавқулодда вазият натижасида 3 киши ҳалок бўлди ва 2 киши турли даражада тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилди”, - дейилади хабарда.

Дастлабки маълумотларга кўра, фавқулодда вазият содир бўлишига қурилиш меъёр-қоидаларининг бузилиши сабаб бўлган.

“Фавқулодда вазият ўчоғи Тошкент шаҳар ИИББ куч ва воситалари томонидан ўраб олинди ҳамда олиб борилаётган ишлар хавфсизлиги таъминланди. ФВВ қутқарув бўлинмалари томонидан бино вайроналари остидан 2 киши қутқариб олинди ва ҳалок бўлганларнинг жасади олиб чиқилди”, - деб таъкидланади хабарда.

Шунингдек, қулаш содир бўлган жойда ФВВ, ИИВ ЁХБ ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг куч ва воситалари томонидан вайроналарни тозалаш ишлари олиб борилаётгани хабар қилинган.

Юзага келган ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани ИИБ ва прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: