Тошкентда Венгрия элчихонасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди

Дата: 08:23, 28-06-2017.

Тошкент. 28 июн. ЎзТАГ – Тошкент шаҳрида Венгрия элчихонасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматига асосланган ҳолда.

“Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ва Венгрия Ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири Петер Сийарто Тошкент шаҳридаги Венгрия элчихонасининг расмий очилиши ҳамда элчихона биносида Венгрия ва Европа Иттифоқи байроқлари кўтарилишига бағишланган маросимда иштирок этдилар”, - дейилади сешанба кунги хабарда.

Мазкур маросимда Венгрия Элчиси Петер Санто, Ўзбекистон ва Вегрия ТИВ раҳбарлари нутқ сўзлагани ҳам айтиб ўтилган.

“Вазир Абдулазиз Камилов ўз нутқида Венгрия делегациясини қутлар экан Венгрия Элчихонаси давлатларимиз ўртасида яқин ва манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда фаол боғловчи бўғин вазифасини бажаришига ишонч билдирди”, - дейилади хабарда.

А.Камилов “Венгрия делегациясининг Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси, ташқи ишлар вазирлиги, ташқи савдо вазирлиги, қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Инвестиция бўйича Давлат қўмитаси ҳамда Савдо-саноат палатаси раҳбарияти билан бугун бўлиб ўтган конструктив ва самарали музокараларини мамнуният билан қайд этди. Мазкур учрашувлар давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион ва гуманитар соҳаларда икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.”

“Ишонч билан айтишни истардимки, бугун биз Ўзбекистон-Венгрия муносабатлари тарихида янги саҳифани очмоқдамиз ва мамлакатларимиз ўртасида ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорликни фаол илгари суриш бўйича биргаликдаги фаолиятимизни давом эттирамиз”, - деди Ўзбекистон ТИВ раҳбари.

Эслатиб ўтамизки,  Петер Сийартонинг ушбу ташрифи Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 25 йиллигида бўлиб ўтмоқда.  

Янгилик билан ўртоқлашиш: