Тошкентда VIII Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси бўлиб ўтади

Дата: 20:47, 24-10-2014.

Тошкент. 24 октябр. ЎзТАГ – 2014 йилнинг 28 октябр - 1 ноябр кунлари пойтахтдаги “Ўзэкспомарказ”да йилнинг энг йирик кўргазмаларидан бири - VIII Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси (ХСЯКБ) бўлиб ўтади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ХСЯКБ расмий сайтига асосланган ҳолда.

Ҳар йили ХСЯКБ доирасида иштирокчилар томонидан ички ва ташқи бозорларга турли маҳсулотлар етказиб бериш бўйича шартномалар тузилади. Тадбирда иштирок этиш қатнашчиларга бўлғуси йил учун буюртмалар йиғишга имкон беради. Ярмарка саноат реал тармоғи корхоналарига тармоқлараро ва халқаро кооперация асосида ишлаб чиқариш ва хом-ашёни қайта ишлаш, материаллар ва бутловчи қисмлар, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бўйича узоқ муддатли хўжалик алоқаларини кенгайтиришга кўмаклашади.

Эслатиб ўтамизки, ўтган йилги ярмаркада 1,3 минг маҳаллий корхона ва компаниялар қатнашди. Улардан мингдан ошиғи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларидир. Тадбирда 13 минг номдаги маҳсулотлар тақдим этилди, бундан 2 мингдан зиёди 2012-2013 йилларда ўзлаштирилган маҳсулотлардир.

Умуман, ХСЯКБ доирасида ўтган йили 6,2 трлн сўмлик шартномалар имзоланди, қиймати $6,34 млрдлик экспорт шартномалари тузилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: