Тошкентда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқамасининг сохта ходими қўлга олинди

Дата: 15:28, 22-01-2018.

Тошкент. 22 январ. ЎзТАГ – Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқамасининг (ЙҲХБ) сохта ходими қўлга олинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ИИББ матбуот хизматига асосланган ҳолда.

 “2018 йилнинг 20 январ куни соат тахминан 14:30ларда, пойтахтимизнинг Сергели туманида жойлашган “Сергели” ЙПХ масканида хизмат олиб бораётган ЙҲХБ ходимларига, ўзининг фуқаролик бурчини бажарган шахс мурожаат қилиб, Бинокор кўчасидаги автомобиль йўлида автомашина хайдовчиларини тўхтатиб, уларнинг ҳужжатларини текшираётган ЙҲХБ ходими унда шубҳа уйғотганлигини маълум қилди”, - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, мазкур хабар асосида Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари юқорида кўрсатиб ўтилган жойга борган вақтларида, ҳақиқатдан ҳам фуқаро Рузматов Азизбек Аширалиевич, ички ишлар органи ходимларининг хизмат кийимида, гўёки ЙҲХБ ходими сифатида автоуловларни тўхтатиш билан шуғулланаётганлиги аниқланган.

“А.А.Рузматов текширилган вақтда, у аслида ЙҲХБ ходими эмаслиги маълум бўлган ва ундан жезл, радиоалоқа воситаси, хуштак, ЙҲХБ ходимининг қалбаки кўкрак нишони ва қалбаки маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомалари расмийлаштириб олинган”, - дейилади хабарда. 

Мазкур ҳолат юзасидан А.А.Рузматовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

“Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда”, - деб қайд этилади хабарда. 

Сурат манбаи: http://ru.sputniknews-uz.com/society/20160707/3241585.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: