Тошкентда яна 16 та йўл ўтказгич қурилади
Тошкент. 4 июн. ЎзТАГ – Тошкентда яна 16 та йўл ўтказгич қурилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бундай маълумот Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Чилонзор тумани Бунёдкор ва Чўпонота кўчалари кесишмасида бунёд этилаётган йўл ўтказгични кўздан кечириш давомида очиқланди.
“Шу ернинг ўзида янги кўприклар қуриш, мавжудларини таъмирлаш ва эксплуатация қилиш борасидаги ишлар тақдимоти ўтказилди. Тошкент шаҳрида яна 15 жойда йўл ўтказгичлар қурилиши маълум қилинди”, - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабарида.
Ушбу йўл ўтказгичнинг умумий узунлиги 676 метр, кенглиги 24 метрдан зиёд бўлади. Транспортлар 6 қаторда ҳаракатланади.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли “Кўприк қурилиш трести” корхонаси томонидан олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари якунланиш арафасида. Бугунги кунда устунларга темир-бетон плиталар ётқизилиб, йўлгача бўлган оралиқ шағал билан тўлдирилмоқда. Ҳар бири 124 метр бўлган иккита пиёдалар эстакадаси қурилиши давом этмоқда”,- дейилади хабарда.
Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги барча кўприкларни инвентаризациядан ўтказиш, уларни сақлаш ва режали таъмирлаш зарурлигини таъкидлади. “Шу мақсадда кўприкларни эксплуатация қилиш билан шуғулланадиган тизим яратиш, бунга ихтисослашган кадрлар тайёрлаш ва замонавий қурилиш материалларини ўзлаштириш бўйича топшириқлар берди”, - деб хулоса қилинади хабарга.
Сурат манбаи: http://uz.utro.news/latest/puteprovoda/