Тошкентда Яндекс.Таксига ўтириш ва машинада биринчи уч километр икки минг сўмга тушади

Дата: 14:59, 05-04-2018.

Тошкент. 5 апрел. ЎзТАГ – Тошкентда Яндекс.Таксига ўтириш ва машинада биринчи уч километр икки минг сўмга тушади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбек бозорига онлайн-сервисларнинг дунёдаги етакчи ишлаб чиқувчиси бўлган Яндексни жалб қилиш бўйича музокараларни “Равон Авто Бизнес” компанияси олиб борди ҳамда унинг ўзи Яндекс.Таксининг мамлакатдаги бош ҳамкорига айланди.

Компания маълумотларига кўра, таксига буюртма бериш учун фақат мобил иловани очиш ва бориш керак бўлган жойни кўрсатиш кифоя. Диспетчерга қўнғироқ қилиш ва аниқ манзилни айтишнинг кераги йўқ. Хизматнинг ўзи фойдаланувчи қаердалигини аниқлайди ва ўша ерга машинани жўнатади. Яндекс.Такси алгоритмлари йўллардаги масофа ва тирбандликларни ҳисобга олади ҳамда фойдаланувчининг олдига энг тез етиб келадиган ҳайдовчини топади.

Сафарнинг нархи қуйидагича ҳисобланади: миниш ва биринчи уч километрига икки минг сўм сарфланади. Шаҳар ичида километрига минг сўм, шаҳар ташқарисида бир ярим минг сўм. Ҳозирча фойдаланувчилар пулни нақд пулда тўлашади. Яндекс.Такси тўловни банк картаси билан амалга оширишни режалаштирмоқда. Рақамни ҳар сафар қайта киритмаслик учун уни аккаунтга улаб қўйиш мумкин.

Сафар охирида фойдаланувчи сафарга баҳо беради. Баҳо ҳайдовчининг рейтингига таъсир кўрсатади.

Яндекс.Такси ҳайдовчилар билан бевосита ишламайди. У таксопарклар ва диспетчерлик хизматлари билан ҳамкорлик қилади. Тошкентда ўнлаб Яндекс.Такси ҳамкор-таксопаркларидан 200 тадан ортиқ автомобиллар хизматга уланган.

Сурат манбаи: http://infocom.uz/2018/04/04/yandeks-taksi-priexalo-v-uzbekistan/

Янгилик билан ўртоқлашиш: