Тошкентда янги хусусий тадбиркорлик субъектлари сони икки баробар ошиши мумкин

Дата: 15:39, 20-02-2019.

Тошкент. 20 феврал. ЎзТАГ – 2019 йилда Тошкент шаҳрида 25 мингга яқин янги хусусий тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш режалаштирилмоқда, бу эса 2018 йилги кўрсаткичдан (12 минг) 2 баробар кўпдир, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида 16 феврал куни пойтахт ҳокимиятида бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилинди.

Тошкент шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт ва бизнес масалалари бўйича биринчи ўринбосари Шерзод Хожизодаевнинг сўзларига кўра, очиқланган режалар пойтахтда 110 мингга яқин (2018 йилда 89 минг) янги иш ўринларини яратишга имкон беради.

“Ўзбекистон пойтахтидаги турмуш даражаси, унинг фаровонлиги ўсиши Тошкент бюджетига тушадиган солиқ тушумларига боғлиқ бўлиб, бу ерда ҳам ижобий тенденциялар кузатилмоқда. Агар 2018 йилда бундай тушумлар 11,5 трлн сўм миқдорида режалаштирилган бўлса, аслида бу кўрсаткич 13,5 трлнни ташкил этди, уларнинг кўп қисми шаҳар инфратузилмасини янада ривожлантириш учун мўлжалланган”, - дейилади хабарда.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, жорий йилда пойтахтнинг саноат салоҳияти ўсиш муносабати билан пойтахт бюджетига 19,8 трлн сўм миқдорида солиқ тушуми таъминланиши кўзда тутилган бўлиб, шундан 3,6 трлни мамлакатнинг асосий шаҳарини ободонлаштиришга сарфлаш режалаштирилмоқда. Хусусан, пойтахтнинг ички йўлларини таъмирлаш учун 150 млрд сўм ажратиш режалаштирилган, 2018 йилда ушбу мақсадлар учун уч баравар оз – 50 млд сўмдан кам маблағ сарфланган эди.

“Маълумки, Ўзбекистон пойтахтининг иқтисодий кўрсаткичлари бир қатор соҳаларда етакчи ўринларни эгаллаши барчага яхши маълум. Ушбу тенденцияни 2019 йилда ҳам ривожлантириш режалаштирилмоқда. Президент ва ҳукуматнинг норматив ҳужжатларига мувофиқ, Тошкентда 32 трлн сўмлик сармоявий лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган, шу жумладан, $2,7 млрд тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилган ҳолда”, - дейилади хабарда.

Ш. Хожизодаевнинг қайд этишича, ҳар бир сармоявий лойиҳа пойтахтнинг умумий ривожланиш стратегиясида ўзига хос вазифага эга.

Пойтахтни ривожлантиришнинг энг муҳим кўрсаткичларидан бири Тошкентнинг ички ҳудудий маҳсулотидир. Агар 2018 йил якуни бўйича ушбу кўрсаткич 53 трлн сўмни ташкил этган бўлса, жорий йилда ЯҲМни 62 трлн сўмга етказиш режалаштирмоқда, шу жумладан, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, пойтахтда ишлаб чиқариш ва хизматларни ривожлантириш, хусусий бизнесни фаоллаштириш ҳисобига.

Сурат манбаи: tashkentnews.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: