Тошкентда янги кичик саноат ҳудуди ташкил этилади
Тошкент. 2 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон ҳукумати фаолият юритмаётган “Совпластитал” ҚК ишлаб чиқариш қувватларида кичик саноат ҳудудини ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Бугунги кунда корхона қувватларидан 5%га фойдаланилмоқда, ишлаб чиқариш майдонларининг жуда кам қисми ишлатилмоқда, харидоргир экспортбоп ва импортнинг ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилмаган, охирги ўн йилда корхонада иш ўринлари сони 6 баробарга камайган”, - деб таъкидланади Вазирлар Маҳкамаси қарорида.
Натижада Тошкент шаҳар хўжалик суди 2017 йил 31 майда “Совпластитал” ҚК низом капиталидаги 96,67 % миқдоридаги улушга давлатнинг мулк ҳуқуқини тан олиш ҳақида қарор чиқарди. Августда “Совпластитал” ҚК МЧЖга айлантирилди.
“Корхона биноларининг бир қисмини ва омборларини туташ ҳудуд билан бирга жамиятнинг давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари олдидаги қарздорлиги ва улар бўйича ҳисобланган пенялар, шунингдек, объектни бериш натижасида юзага келадиган солиқ ҳисобига Тошкент шаҳри ҳокимлигига бериши зарур. Кейинчалик ушбу объектлар негизида кичик саноат зонасини ташкил этиш мақсадида “Chilonzor kichik sanoat zonasini boshqarish direksiyasi” ДУК таркибига киради”, - дейилади ҳужжат матнида.
Бундан ташқари, икки ой муддатда ички захираларни сафарбар қилиш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, шунингдек, ихтисосли бўлмаган ва фойдаланилмаётган активларни оптималлаштиришни назарда тутувчи 2017-2018 йилларда корхона қувватларидан фойдаланишни ошириш ва молиявий соғломлаштириш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш кўзда тутилган.