Тошкентда янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини бериш бошланди

Дата: 14:22, 20-10-2017.

Тошкент. 20 октябр. ЎзТАГ – Бугун, 20 октябрда Тошкентда янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини бериш бошланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Айни пайтда улар фақат ЙҲХБнинг Файзобод мавзесидаги бўлимига бириктирилган автомактаблар ўқувчиларига берилмоқда. Яқин ойларда тизимга пойтахтнинг бошқа туманлари ҳам уланади. Вилоятларда янги гувоҳномалар фақат ярим йилдан кейин берила бошланиши кутилмоқда.

“Янги ҳайдовчилик гувоҳномаси учун энг кам ойлик иш ҳақининг 70 фоизи миқдорида (104 842 сўм 50 тийин) тўлов тўлаш талаб этилади. Машинани рўйхатдан ўтказганлик ҳақида гувоҳнома учун ҳам шунча миқдорда ҳақ тўлаш талаб этилади”, - деб таъкидлашди ИИББ ЙҲХБда.

Янги намунадаги ҳужжатлар махсус ҳимоя воситаларига ҳамда маълумотларни бевосита алоқасиз амалга ошириш имконини берувчи махсус электрон белгиларига (NFC Смарт-карт) эга бўлиб, уларда жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШ ШИР), юридик шахслар учун эса солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) сақланади. Улар халқаро стандартларга тўлиқ мос бўлиб, бошқа давлатларда ҳам фойдаланиш учун яроқли.

Янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси 10 йил муддатга берилади. Амалдаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштириш 2017 йил 1 октябрь - 2018 йил 31 декабрь даврида ихтиёрий равишда, 2019 йил 1 январь - 2020 йил 31 декабрь даврида - мажбурий тартибда амалга оширилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: