Тошкентда янги транспорт халқаси қурилади
Тошкент. 29 март. ЎзТАГ – Август охирига қадар Тошкентда янги транспорт халқаси қурилади. Бу ҳақида яқинда журналистлар билан учрашувда шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов маълум қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
28 март куни автойўлчилар янги транспорт халқасини қуришга киришдилар. У шаҳар марказий қисми, асосий магистрал ва чорраҳалар тирбандлигини сезиларли даражада камайтириши лозим.
“Уни қуриш учун икки йил олдин қурилган Нурафшон кўчасидаги магистралдан (Беруний кўчасидан Рашидов кўчасигача бўлган участкада) фойдаланилади. Қурувчилар Нурафшон кўчасини Беруний кўчасидан Оқтепа майдонигача давом эттирадилар. Бу ерда мавжуд Чиғатой дарвоза, Умаров, Есенин кўчаларидан фойдаланган ҳолда узунлиги 3,8 кмлик янги участка қурилади”, - деб таъкидлади ҳоким.
Унинг сўзларига кўра, бу Оқтепа майдонида транспорт ҳаракати интенсивлигини соатига 4 минг машинагача оширишга имкон беради. Шунингдек, Нукус кўчаси Шота Руставели кўчасидан Бобур кўчасигача 1 кмга чўзилади.
Янги транспорт халқаси қуйидаги кўчаларни қамраб олади: Нурафшон – Беруний кўчасидан Шароф Рашидов кўчасигача, Нурафшон кўчасининг давоми – Беруний кўчасидан Отепа майдонигача, Муқимий, Нукус, Қодирий ва Рашидов кўчалари.