Тошкентда янги ўқув тиббий марказ очилди

Дата: 17:24, 01-12-2015.

Тошкент. 1 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистоннинг Республика перинатал марказида “Эндовизуал гинекология ва неонатал жарроҳлик” ўқув марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Марказ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни-сақлаш вазирлиги билан Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ҳамкорлигида “Замонавий юқори технологик тиббий ускуналарда ишлаш учун тиббий ва техник ходимлар малакасини ошириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Соғлиқни-сақлаш вазирлигидан хабар қилишларича, марказнинг очилишида Тошкент тиббиёт академияси, Республика тез тиббий ёрдам илмий маркази, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази вакиллари, шунингдек, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасидан етакчи гинекологлар, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.

Ўқув марказ битта катта ва битта кичик залдан иборат. Катта зал ҳам назарий, ҳам амалий машғулотлар олиб боришга мўлжалланган. Зал иккита симуляцион иш станциялари, зарур оргтехника воситалари ва жиҳозлар билан таъминланган.

Ўқув марказ очилиши билан олий ўқув юртидаги касбий таълимдан кейинги асосий дастурнинг амалга оширилиши ва вилоят, шаҳар эндохирургларини дипломдан кейинги тайёргарлик таълими дастури бошланди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: