Тошкентда янги ўзбек-озарбайжон нашрлари тақдим қилинди

Дата: 15:34, 31-10-2014.

Тошкент. 31 октябр. ЎзТАГ – Тошкентда Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида тайёрланган янги икки нашр тақдим қилинди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Элчихонадан хабар қилишларича, китоблардан бири ўзбекча-озарбайжонча сўзлашгичдир. Нашр элчихона лойиҳаси ва бу ердаги Гейдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази томонидан ишлаб чиқилган.

Ўзбек таржимони Носир Маҳмудовнинг қайд этишича, сўзлашгичга кундалик турмушда энг кўп қўлланадиган сўз ва иборалар кирган. Ушбу нашрдан дам олиш, транспорт, меҳмонхона соҳаси, соғлиқни сақлаш муассасалари ва бошқа ҳолатларда зарур бўладиган сўзлар ҳам ўрин олган.

Тақдимот маросимида ўзбек журналистларининг Озарбайжонга бағишланган мақолалари тўплами ҳам тақдим қилинди. Ушбу тўплам Озарбайжон элчихонаси томонидан уюштирилган танловнинг ижодий якунидир. Шунингдек, учрашувда навбатдаги конкурс ҳам эълон қилинди.

Ушбу тақдимот 30 октябрда “Infolib-2014” III Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги доирасида бўлиб ўтди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: