Тошкентда япон қўғирчоқ ва гравюралари кўргазмаси бўлиб ўтади

Дата: 13:50, 04-09-2015.

Тошкент. 4 сентябр. ЎзТАГ – 2015 йилнинг 10 сентябридан 3 октябрга қадар Тошкентда япон қўғирчоқ ва гравюралари кўргазмаси бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Япониянинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси, Япон фонди ва Ўзбекистон Бадиий Академиясининг Икуо Хираяма номидаги халқаро карвон-саройи япон қўғирчоқ ва гравюралари кўргазмасини тақдим этадилар. У Тошкентда 2015 йилнинг10 сентябридан 3 октябрга қадар бўлиб ўтади”, - дейилади Япониянинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси хабарида.

Кўргазмада 14 гуруҳга ажратилган 70 экспонат намойиш этилиб, улар орқали томошабинлар қўғирчоқларнинг бадиий олами, уларнинг нодир анъаналари ва япон халқининг замонавий ҳаётига чуқур кириб борганлиги билан таништирилади.

Ўз навбатида, “Эдонинг 100 кўриниши” гравюралар кўргазмасида XIX асрда яшаган таниқли япон тасвирий санъат устаси Хиросигэ Утагаванинг (1797-1858) укие-э йўналишидаги асарларини кўриш мумкин бўлади. Ушбу рассом рангли ксилография устаси бўлиб, 5,4 мингдан ошиқ гравюралар муаллифидир.

Кўргазманининг очилиш маросими 9 сентябр 17.30да Тасвирий санъат галереясида бўлиб ўтади. Тадбирни Япониянинг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси жаноб Като Фумихико очади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: