Тошкентда ёш тадбиркорлар кўргазмаси ўтказилди

Дата: 15:13, 22-05-2014.

Тошкент. 22 май. ЎзТАГ – Ёшлар ижод саройида “Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам” шиори остида ёшлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, кўрсатилаётган хизматлар ва яратилган инновацион ғоялар кўргазмаси бўлиб ўтди, деб хабар беради ЎзА.
Тадбир Тошкент шаҳар ҳокимлиги, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати шаҳар кенгаши ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.
Хабарда айтилишича, Ўзбекистон раҳбарининг 2014 йил 6 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар салмоғи янада ошмоқда.
Мамлакатда тадбиркорлик фаолияти учун яратилган шароит ва имкониятлар туфайли ўз бизнесини ташкил этган аксарият ёшлар рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, аҳолига сифатли хизмат кўрсатаётир. Мазкур кўргазма ана шундай фаол ёш йигит-қизлар қўлга киритаётган ютуқларни янада оммалаштиришга хизмат қилади.
Кўргазмада 120 нафардан зиёд ёш тадбиркор ишлаб чиқараётган маҳсулотлар, миллий ҳунармандлик буюмлари ва хизмат кўрсатиш турлари намойиш этилди. Шу билан бирга, мазкур кўргазмада пойтахтимиздаги олий ўқув юртлари талабалари томонидан амалга оширилаётган илмий изланишлар ва яратилаётган инновацион ишланмаларга ҳам кенг ўрин берилди.
Тадбирда банк, солиқ, божхона соҳаси мутахассислари ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, кредит олиш имкониятлари, солиқ имтиёзлари, улардан фойдаланиш қоидалари, божхона хизматлари, тадбиркорлик субъектларига бу борада берилган имтиёзлар хусусида маълумот берди. Ёшлар пойтахтимиздаги корхона ва ташкилотларда мавжуд бўш иш ўринлари билан танишиш имконига ҳам эга бўлди.
Кўргазма доирасида ёш дизайнерларнинг ижодий ишлари намойиши ва санъаткорларнинг чиқишлари ташкил этилди, деб ёзади нашр.

Янгилик билан ўртоқлашиш: