Тошкентда йилнинг энг кўламли театр тадбири бўлиб ўтди
Тошкент. 11 сентябр. ЎзТАГ – 9-10 сентябрда Тошкентда йилнинг энг кўламли театр тадбири – I Симфоник OPEN AIR бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Тадбир Алишер Навоий номидаги Академик Катта театр ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан TOP Congress компанияси ва “Ўзбекнефтегаз” МХК кўмагида ташкил этилди.
Жорий йилда OPEN AIR Академик Катта театрнинг янги мавсумини очиб, жаҳон классикаси дурдоналари орқали томошабинда мумтоз мусиқа, опера ва балетга муҳаббатни қайта уйғотадиган лойиҳа бўлди.
Бу орқали ҳақиқий мухлисларни ягона жамоага бирлаштириш ва бутун мамлакат бўйлаб айни турдаги маданий тадбирлар тўлқинини юзага келтириш мақсад қилинган.
Симфоник OPEN AIR шакли концерт маданиятининг ноёб йўналишидир. Бу турдаги мусиқий тадбирлар Эдинбург, Берлин, Вена, Париж, Москва, Токио ва Римда ўткизиладиган оламшумул фестивалларнинг энг ёрқин шоуларидан саналади.