Тошкентда йирик Fashion Show тадбири бўлиб ўтади

Дата: 17:27, 21-10-2016.

Тошкент. 21 октябр. ЎзТАГ – 10-12 ноябрда пойтахтдаги Zarqaynar миллий санъат марказида Fashion Show “Олтин куз-2016” модалар фестивали бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад – томошабинлар ва мутахассисларни Ўзбекистон fashion саноатидаги замонавий тамойилл, текстиль соҳасидаги инновациялар, янги ёндашувлар билан таништиришдан иборат.

“Коллекцияларда замонавий кийимларни яратиш соҳасидаги ўзига хос ва кутилмаган дизайнерлик ечимлари, Ўзбекистоннинг анъанавий матоларидан тикилган кийим кечаклар тақдим этилади. Мода мухлисларини Mapping 3D технологияси асосидаги ажойиб шоу кутади”, - деб таъкидлашди тадбир ташкилотчилари.

Уч кун давомида Ўзбекистоннинг таниқли модельерлари, МДҲ мамлакатларидан таклиф этилган кутюрьелар ва ҳаваскор дизайнерларнинг коллекциялари намойиш этилади. Улардан 2016-2017 куз-қиш мавсуми учун мўлжалланган турли услубдаги либослар ўрин олади.

Бу ерда болалар, аёллар, эркаклар, оқшом ва миллий либосларини тақдим этадилар.

Ташкилотчилар маълумотларига кўра, Ўзбекистон, МДҲ давлатларининг 30дан ортиқ дизайнерлари ушбу шоуда иштирок этишларини тасдиқлашди.

Бундан ташқари, Fashion Show доирасида Ўзбекистон ва жаҳон мода саноатига бағишланган Fashion Ambassador онлайн журнали тақдимоти бўлиб ўтади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: