Тошкентда юк мотоциклларини ишлаб чиқариш бошланди
Тошкент. 10 апрел. ЎзТАГ – Тошкентда Lifan русумидаги хитой юк мотоциклларини ишлаб чиқариш бошланди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ишлаб чиқариш пойтахтдаги Chang Hao Group МЧЖ томонидан йўлга қўйилди. Бунга қадар ушбу маҳсулотлар Хитойдан олиб келинар эди. Бозорни ўрганиш қишлоқ жойларида юк мотоциклларига барқарор талабнинг борлигини кўрсатди. Харидорларга ҳозирча бир неча хилдаги юк мотоцикллари таклиф этилмоқда”, - деб таъкидлашди лойиҳани амалга оширишда кўмаклашаётган Савдо-саноат палатаси матбуот хизматида.
Маълумот ўрнида, янги корхона Ўзбекистонда юк мотоцикллари ишлаб чиқарувчи иккинчи ана шундай корхона бўлди. Бунга қадар юк мотоцикллари чиқариш маҳаллий “Элхолдинг” (Самарқанд) ИИЧБ МЧЖ томонидан йўлга қўйилган эди.
Lifan – Хитойдаги йирик хусусий компания бўлиб, енгил автомобил, автобус, мотоцикл, скутер, квадроцикл ва уларга эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. 1992 йилда ташкил этилган шўркат аввал “Chongqing Hongda Auto Fittings Research Centre”номи билан фаолият юритган.