Тошкентда Замонавий япон фильмлари кунлари ўтказилади

Дата: 22:28, 06-03-2015.

Тошкент. 6 март. ЎзТАГ – Яқинда Тошкентда Замонавий япон фильмлари кунлари ўтказилади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Япониянинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси “Ўзбеккино” Миллий агентлиги кўмагида Япон фильмлари кунларини тақдим қилади. Тадбир Тошкентда 2015 йилнинг 13-15 март кунлари бўлиб ўтади. Ушбу тадбир Ўзбекистонда 10 маротаба ўтказилмоқда”, - деб таъкидланади япон элчихонаси сайтидаги маълумотда.

Дустур доирасида оилавий бахт, вақт бўйлаб фантастик саёҳат, инсон ва ит ўртасидаги самимий дўстлик, тасодифий севги қиссаси, шунингдек, Хоккайдо ороли кўринишларини ҳақидаги 5 бадиий ва 1 анимацион фильм намойиш этилади.

13 март соат 18.00да Киночилар уйининг катта залида бўлиб ўтадиган очилиш маросимида Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулода ва Мухтор элчиси Като Фумихико очилиш нутқи сўзлайди.

Биринчи бўлиб режиссёр Синобу Ягутининг “Бахтли парвоз” номли комедияси кўрсатилади. У томошабинларга авиациянинг йўловчилар ҳатто эшитмаган жиҳатлари ҳақида ҳикоя қилиб беради. Фильм воқеалари аэропорт ва самолёт бортида бўлиб ўтади. С.Ягути Японияда “Swing girls” жаз гуруҳини ташкил этган ўқувчи қизлар ҳақидаги фильм билан ном қозонган.

Тадбирда намойиш этиладиган фильмларнинг тўлиқ рўйхати билан япон элчихонаси сайтида танишиш мумкин.

Янгилик билан ўртоқлашиш: