Тошкентда ўзбек-америка сиёсий маслаҳатлашувларининг бешинчи раунди бўлиб ўтди

Дата: 15:13, 03-12-2014.

Тошкент. 3 декабр. ЎзТАГ – Тошкентда ўзбек-америка сиёсий маслаҳатлашувларининг бешинчи раунди бўлиб ўтди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бунга доир маълумот ЎзР ТИВ сайтида жойлаштирилган.

Ташқи сиёсиё муассаса маълумотига кўра, 2014-йилнинг 1-2-декабр кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-АҚШ сиёсий маслаҳатлашувларининг бешинчи раунди бўлиб ўтди. Ушбу маслаҳатлашувларда АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Ниша Десаи Бисвал бошчилигидаги делегация иштирок этди.

Делегациялар умумий учрашувлари ва турли йўналишлар бўйича ташкил этилган кичик гуруҳларнинг қўшма йиғилишлари доирасида Вашингтон шаҳрида 2013-йилнинг декабр ойида ўтказилган аввалги маслаҳатлашувларда эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни кўриб чиқилди ҳамда Ўзбекистон-АҚШ муносабатларининг муҳим масалалари юзасидан фикр алмашилди. Асосий эътибор сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларига қаратилди.

Суҳбат чоғида баъзи халқаро ва минтақавий муаммолар ҳам муҳокама қилинди.

Маслаҳатлашувларда АҚШ Элчиси Жорж Крол ҳам иштирок этди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: