Тошкентда ўзбек-беларус ҳукуматлараро комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди

Дата: 09:44, 19-03-2015.

Тошкент. 19 март. ЎзТАГ – Тошкентда Ўзбекистон Республикаси ва Беларусия Республикаси ўртасида иккитомонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг (ҲАК) тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Беларусиянинг Тошкентдаги элчихонасидан хабар қилишларича, белорус делегациясига Беларусия Республикаси бош вазирининг ўринбосари Михаил Русий, Ўзбекистон делегациясига Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев бошчилик қилган.

ҲАК мажлиси доирасида томонлар ўзбек-беларус ҳамкорлигининг ривожланиши ва истиқболлари, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги, саноат, таълим, соғлиқни-сақлаш, илм-фан ва технологиялар йўналишларидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар. Ишлаб чиқариш кооперацияси ва шартномавий асосда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Ташриф доирасида Беларусия Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Александр Михневичнинг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Жавлон Ваҳобов билан учрашуви, шунингдек, беларусия вазирлик ва корхоналари раҳбарларининг ўзбекистонлик ҳамкасблари билан учрашувлари ҳам ўтказилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: