Тошкентда Ўзбек-Британ кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтади

Дата: 10:20, 25-02-2019.

Тошкент. 25 феврал. ЎзТАГ – 2019 йилнинг 28 февралидан 1 мартига қадар Тошкентда Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон-Британия кенгашининг (ССЎБК) 24-йиғилиши бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумотларига кўра, инглиз томонидан учрашувда 55 дан зиёд компания вакиллари бўлган 100 дан ортиқ тадбиркорлар қатнашиши кутилмоқда.

Тадбир икки қисмдан иборат бўлади: расмий ялпи йиғилиш ва хусусий тармоқ сессиялари. Ялпи мажлис доирасида томонлар Буюк Британия ва Ўзбекистон ўртасида савдо ва инвестицияларни ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, таълим ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирларни муҳокама қилишлари кутилмоқда. Томонлар ўртасида ўзаро англашув бўйича қатор меморандумлар имзоланиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, Британия компаниялари бизнес ахборот алмашиш ва келгусидаги салоҳиятли ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш учун Ўзбекистон расмийлари, давлат корхоналари ва хусусий тармоқ вакиллари билан учрашадилар.

Эслатиб ўтамиз, 1994 йилда иккитомонлама битимга асосан ташкил этилган ССЎБК – савдони ривожлантиришга кўмаклашувчи органдир. У иккитомонлама савдо ва сармоявий алоқаларни ривожлантиришга қаратилган йиллик форумдир. ССЎБК ҳозирда Ўзбекистонда фаолият юритаётган ва республикага инвестиция киритиш истагида бўлган Британия компанияларига кўмак ва ёрдам кўрсатади. Учрашувлар навбатма-навбат Тошкент ва Лондонда бўлиб ўтмоқда.

Сурат манбаи: expert17.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: