Тошкентда ўзбек-чех ҳамкорлигининг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди
Тошкент. 31 май. ЎзТАГ – Тошкентда ўзбек-чех ҳамкорлигининг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“31 май куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Чехия Республикаси Ташқи ишлар вазирининг кичик ўринбосари Иван Янчарекни қабул қилди. И.Янчарек вазирликлараро маслаҳатлашувлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Ташқи савдо вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитасида икки томонлама учрашувлар ўтказиш ва Хоразм вилоятига ташриф буюриш мақсадида мамлакатимизга келган”, - дейилади ТИВ чоршанба кунги хабарида.
Ташқи сиёсий муассаса маълумотларига кўра, учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда Ўзбекистон-Чехия ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари ҳамда халқаро майдонда, хусусан Ўзбекистон-Европа Иттифоқи шаклида алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, музокараларда Ўзбекистон ва Чехия президентлари ўртасидаги мактуб алмашинуви нуқтайи-назаридан Ўзбекистон-Чехия мулоқотини фаоллаштириш масалалари, иқтисод, саноат, фан ва техника соҳаларида ҳамкорлик қилиш бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлисини ўтказиш вақти ҳамда биргаликдаги бошқа тадбирлар жадвали юзасидан фикр алмашилди.
“Шу куннинг ўзида ТИВда Ўзбекистон-Чехия сиёсий маслаҳатлашувларининг олтинчи раунди бўлиб ўтди. Маслаҳатлашувларда икки томон кун тартибидаги қатор масалалар ҳамда халқаро ва минтақавий муаммолар батафсил кўриб чиқилди. Тадбирларда Чехия Элчиси Ярослав Сиро иштирок этди”, - деб хулоса қилинади хабарда.