Тошкентда ўзбек-чили бизнес-семинари бўлиб ўтди

Дата: 12:07, 01-05-2014.

Тошкент. 1 май. ЎзТАГ – Яқинда Тошкентда ўзбек-чили бизнес-семинари бўлиб ўтди. У қароргоҳи Москвада жойлашган Чили Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Хуан Эдуардо Эгигурен Гусманнинг 28 апрел - 4 май кунлари Ўзбекистонда бўлиши доирасида ташкил этилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бизнес-семинар давомида қайт этилишича, 2013 йил якунлари бўйича Ўзбекистон ва Чили ўртасидаги товар айланмаси $301,3 мингни ташкил этиб, бундан $136,6 минг экспорт ҳисобига, $164,7 минг эса импортга тўғри келади.
Ўзбекистонга Чили писта уруғи ва меваси, ноорганик химия маҳсулотлари, калийли ўғитлар, каучук ва резина буюмлари етказиб беради. Ўзбек томони экспорти асосини эса пахта калаваси ва ундан тўқилган буюмлар ташкил қилади.
Х. Эгигуреннинг сўзларига кўра, семинарда савдо, туризм, инвестициялар ва саналган соҳаларда ҳамкорлик имкониятлари асосий муҳокама мавзулари бўлган. Шунингдек, у ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш учун Ўзбекистонда савдо ваколатхонасини ташкил этиш истагини ҳам қайд этди.
Бизнес-семинарда Хуан Эдуардо Эгигурен “Чили: иқтисодий муҳит ва имкониятлар” номли тақдимот қилди. Унда айтилишича, бугунда Чили аҳолиси 17 млн атрофидани ташкил қилади. 2013 йил якунлари бўйича ЯИМ $279 млрдни ташкил этди.
Аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ $19 мингга тенг, ҳарид қобилияти бўйича эса Чили Жанубий Америкадаги етакчи мамлакатдир. Ишсизлик даражаси 5,9%. Ҳаёт давомийлиги ўртача 78 ёш.
Турли хилдаги хизматлар мамлакат ЯИМнинг деярли 34% беради. Қолган ўринларда тоғ-кон қазилмалар тармоғи, саноат ишлаб чиқариши, савдо, қурилиш, электротехника ва бошқалар.
Тақдимотда қайд этилишича, Чили бугунда дунёнинг астрономик пойтахтидир. Бу ердаги иқлим осмон жисмларини кузатиш учун ноёб имкониятлар беради. 2018 йилга келиб бутунжаҳон астрономик инфраструктурасининг 68% ушбу мамлакатда жойлашади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: