Тошкентда ўзбек-герман бизнес-форуми бўлиб ўтди

Дата: 18:22, 02-06-2017.

Тошкент. 2 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон пойтахтидаги “Пойтахт” бизнес-марказида Ўзбекистон-Германия бизнес-форуми ва кооперация биржаси бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган тадбирда икки мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги техникаси ва технологиялари соҳасида ишловчи вазирлик ва муассасалари, фирма ва компаниялари вакиллари иштирок этишди.

Германия Ўзбекистоннинг Европадаги асосий савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири саналади. Республикада “МАN”, “Claas”, “Lemken”, “Knauf” ва бошқа немис компаниялари фаолият юритмоқда. Улар билан биргаликда ташкил этилган корхоналарда юк автомобиллари, қишлоқ хўжалик техникаси ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади.

Эслатиб ўтамизки, 2016 йил якунлари бўйича Ўзбекистон-Германия маҳсулот айланмаси ҳажми $520 млнга етди. Икки мамлакат ўртасидаги молиявий ва техник ҳамкорликнинг умумий ҳажми 329,9 млн евродан ошади.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикасида Германия инвесторлари иштирокида ташкил этилган 110дан зиёд корхона фаолият юритиб келади ва улардан қарийб 30таси 100% Германия капиталига эга. Ўзбекистон Германияга сархил ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари, мис буюмлар, ноорганик кимё маҳсулотлари, матолар, пахта толаси ва бошқаларни экспорт қилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: