Тошкентда ўзбек-герман ҳукуматлараро маслаҳатлашувларнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди

Дата: 15:27, 16-11-2018.

Тошкент. 16 ноябр. ЎзТАГ – Тошкентда молиявий-техникавий ҳамкорлик бўйича ўзбек-герман ҳукуматлараро маслаҳатлашувларнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Германия томонини Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги (БМЦ) бўлими бошлиғи Кетрин Оэллерс тақдим этди. Германия делегацияси таркибига яна Германиянинг KfW Тараққиёт банки ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) мутахассисларини ҳам киришди.

Ўзбекистон томонидан йиғилишни Ўзбекистон вазирликлари ва идоралари раҳбарларининг иштирокида Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов бошқариб борди.

“Учрашув кун тартибига мувофиқ, Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш бўйича ҳамкорлик ва лойиҳа таклифлари олиб чиқилди. Германия томони қонун устуворлигини таъминлаш, жамоат назорат механизмларини жорий этиш, фуқаролик жамияти институтларининг ролини кучайтиришга ва умуман мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга йўналтирилган ислоҳотларни амалга оширишда эришилган ютуқлар қайд этилди”, - дейилади ЎзР. Давлат инвестиция қўмитасининг Инвестиция форумларини мувофиқлаштириш ва PR бошқармасининг хабарида.

“Ўзбекистонда Германия ҳукумати молиявий ва техник кўмагида касбий таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, кичик бизнес ва транспорт инфратузилмаси тизимларини ривожлантиришга қаратилган қатор муҳим лойиҳалар амалга оширилди. Шунингдек, ҳамкорларимиз - KfW банки ва Германия халқаро ҳамкорлик жамиятига фаол иш олиб боргани ва Ўзбекистонда самарали ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирамиз”, - деб таъкидлади ўз нутқида Лазиз Қудратов.

Ўз навбатида, Кетрин Оэллерс ўз нутқида Ўзбекистонга 2015 йилдаги сўнгги ташрифидан буён мамлакатда сезиларли ўзгаришлар рўй берганлигини таъкидлади. “Ўзбекистон амалга оширилаётган ислоҳотларни такомиллаштириш ва ривожлантириш, самарали ҳукуматни шакллантириш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби соҳаларда ўз салоҳиятидан янада самарали фойдаланишга киришгани таъкидлаб ўтишни истар эдим. Ушбу чоралар Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги муносабатлар янада тезкор ривожланишига ҳам таъсир кўрсатди. Бугунги учрашувда биз Ўзбекистон ҳукуматининг бундан кейинги курси ҳақида билишни ва қайси асосий йўналишларни қўллаб-қувватлашимиз мумкинлигини билиб олишни истар эдик”, - деди у.

Учрашув иштирокчилари 2017 йилда ҳукуматлараро музокаралар якунлари бўйича ҳамкорликнинг қуйидаги асосий йўналишлари – “Соғлиқни сақлаш” ва “Иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши” лойиҳаларини амалга ошириш белгиланганлигини таъкидлаб ўтдилар. Хусусан, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Германия ҳукумати ўртасидаги ҳамкорлик доирасида Соғлиқни сақлаш дастурининг IV босқичи учун сармоявий лойиҳалари амалга оширишга 11,3 млн евро ажратилди. Булардан 10,3 млн евро “Кўптармоқли вилоят тиббиёт марказларини модернизация қилиш - IV босқич” лойиҳаси учун, 1 млн евро “Сил касаллиги билан курашиш-V” дастурини амалга ошириш учун ажратилади. Лойиҳалар KfW немис банки томонидан молиялаштирилади.

Ўзбекистон-Германия ҳукуматлараро маслаҳатлашувлари якунлари бўйича келгусидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгиланди ва тегишли баённома имзоланди.

Сурат манбаи: kun.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: