Тошкентда ўзбек-исроил сиёсий маслаҳатлашувлари бўлиб ўтди
Тошкент. 31 март. ЎзТАГ – Куни кеча Тошкентда Ўзбекистон Республикаси ва Исроил Давлати ташқи ишлари вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг тўртинчи раунди бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.
Хабар берилишича, Исроил делегациясига ТИВ бош директорининг биринчи ўринбосари Жереми Иссахаров раҳбарлик қилган.
“Учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, жумладан парламентлараро алоқалар, савдо-иқтисодий ва инвестицион, маданий-гуманитар ҳамкорлик атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилди”, - дейилади хабарда.
Шунингдек, маслаҳатлашувларда Исроил Элчиси Кармела Шамир қатнашди.
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон ва Исроил ўртасидаги муносабатлар мамлакат мустақилликни эълон қилган 1991 йил 1 сентябрдан кейин бошланган. 1992 йилнинг баҳорида Исроил Тошкентда ўз элчихонасини очди, Ўзбекистон эса бош консуллигини очди. Кейинчалик у Исроилдаги элчихонага айлантирилди.