Тошкентда ўзбек-канада ташқи ишлар вазирликлариаро сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раунди бўлиб ўтди

Дата: 11:55, 29-01-2015.

Тошкент. 29 январ. ЎзТАГ – Куни-кеча Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Канада Ташқи ишлар ва халқаро савдо вазирлиги делегациясига бошчилик қилаётган Фавқулодда ва Мухтор Элчи Жон Роналд Керрни қабул қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Худди шу куни (28 январда – ЎзТАГ) вазирликлар ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раунди бўлиб ўтди. Унда икки томон кун тартибидаги ва халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик масалалари ҳамда томонларни қизиқтирган бошқа долзарб мавзулар юзасидан ўзаро фикр алмашилди”, - дейилади ТИВ маълумотида.

Учрашувда таъкидлангани каби, ҳар икки мамлакатда ҳам сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги мунтазам Ўзбекистон-Канада мулоқотига муҳим аҳамият қаратилмоқда, томонлар парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш, Ўзбекистон ва Канада ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро манфаатли бевосита ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор.

Музокараларда ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосини кенгайтириш бўйича томонлар таклифлари ҳам батафсил кўриб чиқилди.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон ва Канада ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 7 апрелда ўрнатилган. Тошкентда Канаданинг Фахрий консуллиги фаолият юритмоқда. Қароргоҳи Москвада бўлган консуллик ушбу мамлакатнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхонаси ҳисобланади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: