Тошкентда ўзбек-корейс технопаркининг қурилиши бошланди

Дата: 15:47, 28-06-2016.

Тошкент. 28 июн. ЎзТАГ – Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ҳудудида Ўқув-тадқиқот тўқимачилик технопарки қурилишининг тамал тошини қўйишга бағишланган маросим бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Лойиҳа Корея Республикаси ҳукумати томонидан тақдим этилган грант маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Лойиҳа қиймати $15 млн атрофидани ташкил этади. Ушбу маблағлар қурилиш-монтаж ишларини бажариш, технологик ускуналар харид қилиш ва ўрнатиш, технопарк ходимлари учун махсус ўқув курсларини ташкил этишга йўналтирилади. Объектни 2018 йил августда фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Асосий пудратчи корейянинг IL Kwan E&C ширкати”, - деб таъкидлашди “Ўзбекенгилсаноат” АК.

Технопаркни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад – Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида жорий этиш учун тўқимачилик саноатини ривожлантириш, технологик янгиликларни яратиш ва материалшунослик, бўяш-пардозлаш, мато ва либослар дизайни соҳасида тадқиқотлар ўтказиш, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда истиқболли технологик йўналишларни, муқобил электр энергияси манбалари ва бошқа йўналишларни ривожлантиришга қаратилган халқаро ўқув ҳамда тадқиқот дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдан иборат.

Технопарк таркибида юқори технологияли 3 ва 5 қаватли маъмурий бинолар, энергия тежайдиган технологиялардан фойдаланган ҳолда экспериментал ишлаб чиқариш учун қуёш батареялари билан жиҳозланган ва умумий майдони 10 минг квадрат метрдан зиёд алоҳида 2 қаватли бино қуриш кўзда тутилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: