Тошкентда ўзбек-озарбайжон бизнес-форуми бўлиб ўтди
Тошкент. 21 феврал. ЎзТАГ – 20 февралда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси (ССП) икки мамлакат ишбилармонлари иштирокида ўзбек-озарбайжон бизнес-форуми ва кооперацион биржасини ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Палата матбуот хизмати малумотига кўра, форумда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адхам Икрамов ва Озарбойжон Республикаси тадбиркорлар миллий конфедерацияси президенти Мамед Мусаев Қурбон ўғли, шунингдек, қурилиш, савдо, тиббиёт анжомлари, фармацевтика, қадоқлаш материаллари, нашриёт, полиграфия, АКТ, каби соҳаларда фаолият юритаётган Озарбойжоннинг йирик компанияларидан келган 20дан ортиқ вакиллар иштирок этдилар. Ўзбек томонидан тадбирда йирик маҳаллий корхона ва компанияларнинг 50дан зиёд вакиллари қатнашди.
Тадбир доирасида икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича масалалар муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, 2017 йил якунлари бўйича мамлакатлар ўртасидаги товар айланмаси $31,2 млнни ташкил этган бўлиб, бундан, экспорт $26,2 млнни, импорт эса $4,9 млнни ташкил қилди. Маълум қилинишича, Ўзбекистонда Озарбайжон Республикаси сармояси иштирокидаги 84та корхона фаолият юритмоқда, булардан 71таси қўшма корхона, 11таси эса 100% Озарбойжон капиталига ташкил этилган. Ўзбекистон Республикаси Ташки савдо вазирлигида 1 Озарбойжон компаниясининг ваколатхонаси аккредитациядан ўтган. Бокуда Ўзбекистонинг 2 та корхонаси ташкил этилган бўлиб, булар “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ваколатхонаси ва “Ўзавтосаноатнинг “Узавто Баку” дилерлик марказидир.
Форум доирасида кооперацион биржа ҳам ўтказилди. Бизнес форум якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Озарбойжон Республикаси Тадбиркорлар миллий конфедерацияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик битими имзоланди.
Сурат манбаи: http://chamber.uz/ru/news/1809


