Тошкентда ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилди

Дата: 11:48, 16-05-2016.

Тошкент. 16 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Ислом Каримов “Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Қарорга мувофиқ, янги университет Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг ўзбек тили ва адабиёти факультетлари ҳамда Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти негизида барпо этилади”, - деб таъкидлашди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида.

Янгидан ташкил этилган ОТМ таркибида учта факультет ташкил қилинади. Булар  ўзбек филологияси, ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш, ўзбек-инглиз таржима факультетлари, шунингдек, Ўзбек тили ва адабиёти илмий-тадқиқот институтидир. Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи университет таркибига ўтказилиб, унинг негизида Ўзбек тили ва адабиёти музейи ташкил қилинади.

Янги университет ўзбек тили ва адабиёти бўйича филолог мутахассислар, илмий-педагог кадрлар, юқори малакали таржимонлар тайёрлаш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, соҳа ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айни шу йўналишларда илмий ва ўқув-методик материалларни ишлаб чиқиш бўйича таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: