Тошкентда ўзбек-туркман ҳукуматлараро комиссиясинин йиғилиши бўлиб ўтди

Дата: 12:05, 01-08-2014.

Тошкент. 1 август. ЎзТАГ – Яқинда Тошкентда савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича ўзбек-туркман ҳукуматлараро комиссиясининг (ЎТҲАК) йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Туркманистоннинг Савдо ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Байар Абаев бошчилигидаги делегацияси қатнашди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон ТИАИС вазири Элёр Ғаниевнинг сўзларига кўра, ЎТҲАКнинг йиғилиши президент Ислом Каримовнинг Туркманистонга бўлажак ташрифи доирасида бўлиб ўтмоқда.

Вазирнинг сўзларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар катта салоҳиятга эга. Шу билан боғлиқ ҳолда ЎТҲАК доирасида туркман бозорига ўзбекистонда ишлаб чиқарилган кенг турдаги машинасозлик, электротехника, кимёвий маҳсулотлар, замонавий енгил ва юк автомобиллари, автобуслар, минерал ўғитлар, маиший электроника, мебел, қурилиш материаллари, қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотлари, фармацевтика маҳсулотлари етказиб бериш масалалари ҳам муҳокама этилди.

“Ўз навбатида, биз Туркманистондан нефткимё маҳсулотлари, газ конденсати, полипропилен, полистирол, бишофит ва бошқа маҳсулотлар олишдан манфаатдормиз”, - деб қайд этди Э.Ғаниев.

Ўзбек-туркман иқтисодий ҳамкорлигининг яна бир устивор йўналиши бу транспорт ва транзит соҳаси эканлиги ҳам таъкидланди.

Ўз навбатида, Туркманистон Савдо ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Байар Абаев иккитомонлама иқтисодий ҳамкорлик соҳасида ижобий динамика кузатилаётганлигини таъкидлади. 2014 йилнинг олти ойида ўзаро савдо айланмаси 35% ўсган. Унинг сўзларига кўра, Туркманистондан Ўзбекистонга экспортнинг асосини ёқилғи-энергетика мажмуи маҳсулотлари, Туркманистонга ўзбек импорти асосида эса кимё саноати маҳсулотлари, қурилиш материаллари, автотранспорт ва бошқалар ётади. Туркманистонда ўзбек капитали иштирокида 12 корхона мавжуд.

Бугунда ўзаро товар алмашинишда божлар тўланмайдиган товарлар рўйхатини тузиш масаласи ҳам ўрганилаётганлиги қайд этилди.

Ўзбекистон ТИАИСВ маълумотларига кўра, 2013 йил натижаларига кўра икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси ҳажми $353,9 млнни ташкил этган (экспорт - $170,3 млн, импорт - $183,6 млн).

2014 йилнинг январ-июнида товар айланмаси миқдори $145 млнни ташкил қилди (экспорт - $128,4 млн, импорт - $16,6 млн). Ҳозирда Ўзбекистон ҳудудида туркман капитали иштирокидаги 7 корхона фаолият юритмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: