Тошкентда Ўзбекистон ҳудудларида одам савдосига қарши курашиш масаласи муҳокама қилинди
Тошкент. 30 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Бош прокуратурасида одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси ва Сирдарё вилоятларида одам савдосига қарши курашиш масаласи муҳокама қилинди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бош прокуратурадан хабар беришларича, йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши раиси, ички ишлар вазири, прокурори, Сирдарё вилояти ҳокими, прокурори ва ички ишлар бошқармаси бошлиғи қатнашди.
Йиғилишда одам савдосига қарши курашишга қаратилган қонунчилик ижроси юзасидан ўтказилган мониторинг натижалари муҳокама қилинди. Бундан ташқари, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва иш билан таъминлаш, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш, хорижда ишлаётган Ўзбекистон фуқароларининг ижтимоий ҳимояси масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Йил бошидан бери фуқароларнинг хабардорлигини ошириш учун ҳудудларда 1,5 минг тадбирлар ўтказилди, уларда 120 минг атрофида фуқаролар қатнашгани қайд этилди. Жамоат жойларида одам савдоси билан боғлиқ жиноятлардан огоҳ қилувчи кўргазмали тарғибот воситаларини тарқатишга алоҳида урғу берилди. Бу ана шундай жиноятлар сонининг қисқаришига олиб келди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва Сирдарё вилоятларида одам савдосига қарши курашиш уни бартараф қилиш, аҳоли бандлигини таъминлаш юзасидан баъзи шаҳар ва туман комиссиялари томонидан йўл қўйилган камчиликлар танқид остига олинди.