Тошкентда Ўзбекистон ва Беларусь ташқи ишлар вазирликлараро маслаҳатлашувлари бўлиб ўтди
Тошкент. 9 август. ЎзТАГ – 8-августда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон-Беларусь вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раунди бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, унда қатнашиш учун Тошкент шаҳрига Беларусь Республикаси ТИВ МДҲ мамлакатлари билан иккитомонлама муносабатлар бошқармаси бошлиғи Андрей Страчко бошчилигидаги делегация келди.
“Икки давлат ҳам ривожлантиришдан манфаатдор бўлган турли соҳалардаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари нуқтаи назаридан Ўзбекистон-Беларусь муносабатларининг долзарб масалалари батафсил муҳокама қилинди”, - дейилади хабарда.
Шунингдек, ташқи сиёсат идоралари вакиллари жорий йилда бўлажак иккитомонлама тадбирлар, жумладан сиёсий мулоқотлар ва бизнес вакилларининг учрашувларига тайёргарликнинг бориши тўғрисида фикр алмашишди.
Учрашувда Беларус Элчиси Николай Клакевич иштирок этди.


