Тошкентда Ўзбекистон ва Бельгия сиёсий маслаҳатлашувларининг бешинчи раунди бўлиб ўтди

Дата: 13:42, 11-05-2016.

Тошкент. 11 май. ЎзТАГ – 10-май куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон-Белгия вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларининг бешинчи раунди бўлиб ўтди. Маслаҳатлашувларда иштирок этиш учун мамлакатимизга Белгия Қироллиги Ташқи ишлар вазирлигининг икки томонлама муносабатлар бўйича Бош директори Геэрт Муйлле бошчилигидаги делегация келди. Бу ҳақида ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

“Томонлар музокаралар чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг муҳим жиҳатлари муҳокама қилдилар”, - дейилади хабарда.

Турли даражалардаги Ўзбекистон-Белгия мунтазам мулоқоти нафақат томонларни қизиқтирган соҳалардаги алоқалар ҳолатини аниқлаш, балки халқаро ташкилотлар доирасидаги ва бошқа жабҳалардаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаш ва ривожлантириш имконини яратиши таъкидланди.

Шунингдек, учрашувда айрим халқаро ва минтавий муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

“Белгия делегациясининг Тошкентда бўлиши чоғида Олий Мажлис ва Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида учрашувлар ва музокаралар ўтказиш режалаштирилган”, - деб якунланади ТИВ хабарида.

Янгилик билан ўртоқлашиш: