Тошкентда Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги битим бўйича музокараларнинг биринчи раунди якунланди
Тошкент. 8 феврал. ЎзТАГ – Тошкентда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи (ЕИ) ўртасидаги битим бўйича музокараларнинг биринчи раунди якунланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“2019 йилнинг 4-7 феврал кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси билан Европа иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (КШҲБ) бўйича музокараларнинг биринчи раунди бўлиб ўтди”, - дейилади Ўз.Р. ТИВ хабарида.
Томонларнинг нуфузли делегацияларига Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Аҳатов ва Европа ташқи фаолият хизматининг бошқарувчи директори ўринбосари Люк Девин бошчилик қилдилар.
Қайд этилишича, томонлар келишув лойиҳаси тузилмаси бўйича бир хил тушунчага келдилар ва учта гуруҳга бўлиниб, ҳужжат лойиҳасининг барча бўлимлари батафсил ва конструктив равишда муҳокама қилдилар, шунингдек, мумкин бўлган ўзаро мақбул қоидалар белгилаб олдилар.
Маълум қилинишича, ўзаро келишувга кўра, битим лойиҳасининг савдо қисми бўйича экспертлар учрашувлари Ўзбекистоннинг тегишли вазирликлари вакиллари иштирокида ҳафтанинг охирига қадар давом этади.
“КШҲБ бўйича музокараларнинг иккинчи раундини Брюссель шаҳрида ўтказишга келишиб олинди”, - дейилади хабарда.
Шунингдек, Европа делегациясининг Тошкентга ташрифи доирасида “Бош преференциялар тизими плюс” (“БПТ+”) мақомини олишга Ўзбекистон талабномасини тайёрлаш бўйича маслаҳатлашувлар, “БПТ+” мақомини олишнинг устунликлари билан таништириш мақсадида мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари учун брифинг ҳам бўлиб ўтди.
Сурат манбаи: http://asiatv.kg


