Тошкентда Жек Лондоннинг 140 йиллиги шарафига кўргазма бўлиб ўтмоқда
Тошкент. 13 январ. ЎзТАГ – 2016 йилнинг 11 январда Ўзбекистон Миллий кутубхонасида америкалик ёзувчи Жек Лондоннинг 140 йиллиги муносабати билан “Жек Лондон изидан” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди, деб хабар қилади кутубхона матбуот хизмати.
“Кўргазмада Жек Лондоннинг “100 буюк ёзувчи”, “Ўқувчи кутубхонаси”, “АҚШ адабиёти кутубхонаси”, “Болалар учун жаҳон адабиёти кутубхонаси” туркумларига кирувчи китоблари, ёзувчининг кўп жилдли асарлари тўплами, ёзувчининг кўптомли асарлари, шунингдек, “Денгиз бўриси”, “Совуқ болалари”, “Инсон ва ишонч”, “Оппоқ сукунат”, “Йўлдагилар шарафи учун”, “Олис ўлкада”, “Жис-Ук қисмати”, “Аёл кишининг жасорати” каби ҳикоялари, “Қотиллик бюроси”, “Мартин Иден”, “Темир товон” романлари, “Оқ сўйлоқ”, “Аждодлар нидоси” сингари қиссалари ўрин олган”, - дейилади хабарда.
Асл исми Жон Гриффит Чейни бўлган ёзувчи 1876 йилда Сан-Францискода туғилган. Тайёрланишдан кейин кириш имтиҳонларини муваффақиятли топширган бўлажак ёзувчи Калифорния университетига киради, лекин уни маблағи бўлмаганлиги сабабли тарк этишга мажбур бўлади.
Лондоннинг биринчи очерки “Япония қирғоқларидаги тўфон” бўлиб, у 1893 йилда чоп этилади. У адабиёт билан жиддий шуғулланишни 23 ёшида бошлайди. Унинг биринчи ҳикоялари 1899 йилда чоп этилган бўлса, биринчи китоби “Бўри боласи” 1900 йилда дунё юзини кўрди.
Ўз ижодий умри давомида америкалик ёзувчи Жек Лондон жаҳон шох асарлари қаторидан ўрин олган 40та асар яратди.