Тошкентда журналистларнинг масъулиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди
Тошкент. 6 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан Журналистларни қайта тайёрлаш халқаро маркази ва БМТ, ЮНЕСКО, Жаҳон банкининг Тошкентдаги ваколатхоналари билан ҳамкорликда “Журналистнинг касб этикаси ва масъулиятини ошириш масалалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди, деб хабар беради UzDaily.uz. Тадбирда босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ходимлари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган хорижий дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари иштирок этди. Тадбирдан кўзланган мақсад журналистларнинг касбий этикаси ва улар ичида этика меъёрларига риоя қилиш билан боғлиқ масалаларни кенг муҳокама қилишдан иборат бўлди.
“Доира суҳбати” иштирокчиларининг қайд этишларича, бугунда ОАВ олдида янги вазифалар турибди, матбуот аҳоли дунёқараши ва фикрларини шакллантиришда муҳим восита бўлиши лозим, у эркин бўлиши, кишилар фикр ва иродасининг ифодачиси ва ҳимоячиси бўлишлари зарур.
Шу билан бирга, журналистлар томонидан нафақат қонунчилик, балки ахлоқ меъёрларига ҳам риоя қилиш масалалари янада долзарблашмоқда. Журналистлар ўз мақолалари аввало жамият учун қандай фойда келтириши мумкинлиги ҳақида ўйлашлари лозим.
Тадбир доирасида маҳаллий ва хорижий экспертларнинг ОАВда этик меъёрларнинг ўзига хосликлари ҳақида ахборотлар билан танишдилар, ушбу мавзуга доир маърузалар тингладилар.
Тадбир доирасида Ўзбекистон журналистларининг Касб этикаси меъёрлари лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди.


