Тошкентдаги қайта тикланган масжид “Ислом ота” деб номланади

Дата: 18:55, 13-09-2016.

Тошкент. 13 сентябр. ЎзТАГ – Тошкентдаги қайта тикланган масжид Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов хотирасига “Ислом ота” деб номланади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида унинг қизи Лола Каримова-Тиллаева Фэйсбукдаги саҳифасида маълум қилди. Хабарда айтилишича, “масжиднинг биноси 2015 йилнинг баҳор ойида содир бўлган ёнғин натижасида деярли буткул вайрон бўлган эди”.

“Ушбу масжидни қайта тиклашдек савобли ишни бажариш баҳтини мен ва турмуш ўртоғимга насиб айлагани учун меҳрибон Парвардигорга беадад шукроналар ва ҳамду-санолар айтаман”, - деб ёзади Л.Каримова-Тиллаева.

“Мамлакатимиз диний уламолари ҳамда кенг жамоатчилик таклифига биноан намозгоҳга “Ислом ота” жомеъ масжиди номи берилди. Аллоҳ таолодан раҳматли отамнинг диний қадриятларни тиклаш, Ватан озодлиги, юрт тинчлиги ва эл фаровонлиги йўлидаги солиҳ амалларини қабул айлаб, Ўз мағфиратига олиши ҳамда охиратларини обод этишини илтижо қиламиз”, - дейилади яна хабарда.

Саҳифада “Мажмуанинг лойиҳалаштириш ва қайта тиклаш ишларида меъмор ва қурувчилар Марказий Осиёда масжидлар қуриш қоидаларига тўлиқ амал қилдилар. Масжид биносининг ички ва ташқи томонларидаги кўплаб нақшлар ҳам Марказий Осиё меъморчилик мактаби анъаналарига мансуб ҳолда яратилди” деб таъкидланган.

Шунингдек, Масжиднинг асосий биноси баландлиги 22,1 метрни ташкил этувчи гумбаз, 36,65 метрлик катта минора ва ҳар бирининг баландлиги 10,82 метр бўлган тўртта кичик миноралардан иборат. Бугун жомеъ масжидининг умумий майдони қарийб икки баробар ошган бўлиб, 2900 квадрат метрдан 5400 квадрат метргача катталашди. Энди масжидда 560 киши намоз амалларини адо этиши мумкинлиги маълум қилинган.

“Тошкент шаҳрининг энг эски масжидларидан бири саналмиш ва уч юз йиллик тарихга эга “Ислом ота” масжидининг қайта тикланиши – халқимизнинг диний-маънавий қадриятларини сақлаб қолишга ёрдам берувчи чинаккам тарихий ходисадир”, - дейилади яна Лола Каримова-Тиллаеванинг хабарида.

Шунингдек, у “Аллоҳнинг буюргани бўлади. Албатта, Аллоҳ барча нарсани Ўз илми билан ўраб олгандир. Ушбу масжидни қайта тиклаш ишларини бошлаган пайтимизда, бу табаррук даргоҳ отамнинг оламдан ўтганларидан озгина вақтдан сўнг қайта очилиб, унга раҳматли падари бузрукворимнинг номлари берилишини ҳаёлимизга ҳам келтирманган эдик”, - деб таъкидлаган.

Эслатиб ўтамизки, 2 сентябрда Ўзбекистонда президент Ислом Каримовнинг инсульт натижасида вафот этгани ҳақида эълон қилинди. Мамлакатнинг биринчи президенти туғилган юрти Самарқандда 3 сентябрда дафн этилди.

Кейинчалик Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев вақтинчалик президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Ш.Мирзиёев 2003 йилдан бери бош вазир лавозимида ишлайди. 2015 йил январдаги парламент сайловлари якунлари бўйича у яна Ўзбекистон ҳукумат раҳбари этиб тасдиқланган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: