Тошкентдаги фотокўргазмада дизайнерлик чопонлари тақдим этилади
Тошкент. 24 феврал. ЎзТАГ – 1 мартда Тошкентдаги Bonum Factum галереясида Светлана Астахованинг “Alter Ego” номи остида жамланган дизайнерлик чопонлари кўргазмаси тақдим этилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Фоторассомнинг нигоҳи Ўзбекистон учун анъанавий бўлган чопон кийимига қаратилган. Аммо суратларда дизайнер Мадина Қосимбоеванинг муаллифлик чопонлари акс этган. Томошабинларга ушбу замонавий тикув санъатининг бутун гўзаллигини намойиш этувчи лойиҳа иштирокчилари бу чопонларда ўзларини қандай ҳис қилишлари ҳам муҳим рол ўйнайди.
Лойиҳа ташкилотчилари Марк Жейкобснинг (америкалик модельер, Marc Jacobs маркаси асосчиси, 1997-2013 йилларда Louis Vuitton модалар уйига бошчилик қилган) “Кийим унда бирон киши яшай бошламагунича ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас”, - деган сўзларини ҳам бекорга келтиришганлари йўқ. Сир эмаски, биз киядиган кийим кўпинча бизга катта таъсир қилади. Бунга биз ҳам кийган кийимимизга ўзига хослик бағишлашимизни ҳам қўшиб ўтиш керак.
Чопонларни кийиб кўрган лойиҳа иштирокчилари нафақат ўзларини бошқа томондан кўрсата олдилар, балки улар кийган чопонлар ҳам ўзгачалик касб этди. Анъанавий миллий чопон нафақат оддий кийим, балки иштирокчи қизлар ифодалаган образни яратишга ҳам ҳисса қўшади.